ОММАВИЙ ОФЕРТА

“Коммандит ширкатга ҳисса киритиш тўғрисида шартнома” тузиш юзасидан

Мазкур ҳужжат “ASAXIY MAXTEACH IT VA KOMPANIYA” коммандит ширкатининг Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 367-моддаси ва 369-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ Коммандит ширкатга ҳисса киритиш тўғрисида шартнома тузиш юзасидан лаёқатли бўлган шахсларга таклифи ҳисобланади. Инвестор томонидан мазкур офертани акцептлаш учун белгиланган ҳаракатларнинг бажарилиши, у томонидан барча шартлар сўзсиз қабул қилинганлигини ва Коммандит ширкатга ҳисса киритиш тўғрисида шартнома тузилганлигини англатади.

1. Атамалар ва таърифлар

1.1. Ушбу Оммавий офертада қуйидаги атамалар қўлланилади:

Оммавий оферта - Invest.asaxiy.uz платформасида эълон қилинган, унда қайд этилган усул ва шартларда “ASAXIY MAXTEACH IT VA KOMPANIYA” коммандит ширкатининг "Инвесторнинг коммандит ширкатга кириши тўғрисида" битим тузиш тўғрисидаги таклифи.

Ширкат - “ASAXIY MAXTEACH IT VA KOMPANIYA” коммандит ширкати (Манзил: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳри, Бобур МФЙ, Тошкент йўли кўчаси, 108-уй, СТИР: 311255508, ҳ/р: 20208000907046954001, АТ "Алоқабанк" Миробод филиали, МФО: 00401);

Тўлиқ шерик - Ширкатнинг ягона тўлиқ шериги ҳисобланадиган "ASAXIY MAXTEACH IT" Масъулияти чекланган жамияти (Манзил: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳри, Бобур МФЙ, Тошкент йўли кўчаси, 108-уй, СТИР: 310566667, ИФУТ: 62010, ҳ/р: 20208000505678237001, АТ "Алоқабанк" Миробод филиали, МФО: 00401);

Инвестор - Оммавий офертани тўлиқ ва шартсиз қабул қилган, ширкат фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар доирасида жавобгар бўладиган ҳамда Ширкат томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда иштирок этмайдиган Ширкат иштирокчиси - коммандитчи.

Шартнома - Тўлиқ шерик ва Инвестор ўртасида ушбу оммавий офертада кўрсатилган шартлар асосида тузилган "Коммандит ширкатга ҳисса киритиш тўғрисида"ги битим. Оммавий офертани акцептлаш орқали шартнома тузилган ҳисобланади ва Инвестор Ширкат иштирокчилари таркибига Коммандитчи сифатида киради, Оммавий оферта ва Таъсис шартномасида кўрсатилган шартлар асосида Ширкатда иштирок этади.

Акцепт - Оммавий оферта унга йўналтирилган шахснинг Оммавий офертада кўрсатилган ҳаракатларни бажариш орқали амалга ошириладиган, офертани қабул қилишга қаратилган тўлиқ ва шартсиз жавоби.

Томон ёки Томонлар - Тўлиқ шерик ёки Инвестор ёки мос равишда Тўлиқ шерик ва Инвестор.

Invest.asaxiy.uz платформаси - Invest.asaxiy.uz вебсайтда, Google Market еки App Store да юклаб олиш мумкин бўлган Invest.asaxiy.uz мобил иловасида жойлашган ушбу Оммавий офертада назарда тутилган, Инвесторларнинг шерикликка кириши, иштирок этиши ва чиқиши билан боғлиқ ҳаракатларни электрон амалга ошириш имконини берувчи электрон платформа.

Захира фонди - Ширкатнинг кредит, бозор, банкротлик ва Ширкатни тугатиш бизнес хатарлари (рисклари), битимлар ва лойиҳаларни молиялаштириш билан боғлиқ зарарлар хавфи ва бошқа хатарларни ўз ичига олган хатарлари (рисклари) қоплаш учун мўлжалланган захира фонди.

Таъсис шартномаси - Ширкатнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ва Тўлиқ шерикнинг қарори билан тасдиқланган таъсис ҳужжати.

Инвестиция муддати - Инвестор томонидан Ширкатга ҳисса киритилган санадан Инвесторнинг Ширкатдан чиққан санагача бўлган муддат.

Инвестиция бўйича шериклик улуши - бу Инвесторнинг Тўлиқ шерик билан фойдадаги улуши. Инвестициялар бўйича шериклик ҳар чоракда қайта ҳисоблаб чикилади.

2. Умумий қоидалар

2.1. Ушбу Оммавий оферта Ширкатнинг расмий оммавий ҳужжати бўлиб, унда кўрсатилган шартлар асосида битим тузиш мақсадида номуайян шахслар доирасига қаратилган.

2.2. Оммавий оферта Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига, Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 6 декабрдаги 308-II-сонли "Хўжалик ширкатлари тўғрисида"ги қонунига, Ширкатнинг Таъсис шартномасига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Тўлиқ шерик ва Инвесторлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солади.

2.3. Оммавий офертанинг амал қилиш муддати чекланмаган. Ушбу Оммавий оферта исталган вақтда Invest.asaxiy.uz платформасида тегишли билдиришномани эълон қилиш орқали Тўлиқ шерик томонидан ўз хоҳишига кўра тўхтатилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

2.4. Инвестиция муддати тугамагунча офертани бир томонлама ўзгартириш мумкин. Киритилган ўзгартиришлар инвестор учун амалдаги инвестиция муддати тугагандан кейинги инвестиция даври учун амал қилади.

2.5. Инвесторлар Invest.asaxiy.uz платформасида тегишли билдиришномаларни эълон қилиш орқали Оммавий офертага киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида хабардор қилинади.

3. Акцепт шартлари

3.1. Оммавий оферта қаратилган шахс томонидан битим тузиш учун қуйидаги ҳаракатлар амалга оширилиши керак:

3.1.1. Invest.asaxiy.uz платформаси орқали масофавий идентификациядан ўтиш. Идентификация Инвесторнинг паспорт ёки ID-картасида кўрсатилган маълумотлар ёрдамида амалга оширилади.

3.1.2. Битим тузиш учун ариза бериш. Ариза Invest.asaxiy.uz платформасида электрон равишда тегишли шаклни тўлдириш орқали амалга оширилади.

Аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

- ариза бериш санаси;

- ариза берувчининг тўлиқ фамилияси, исми, отасининг исми;

- паспорт ёки ID карта серияси ва рақами;

- киритилаётган ҳисса суммаси.

3.1.3. Ширкатнинг устав фондига ҳисса киритиш. Ҳисса Ширкатнинг ҳисоб рақамларига пул маблағларини ўтказиш, банк кассалари орқали нақд пул киритиш ёхуд тўлов тизимларидан фойдаланган холда амалга оширилади.

Устав фондига қўшилган ҳиссанинг умумий миқдори Оммавий офертанинг 3.3-бандида кўрсатилган қўшимча бадалларни киритиш муддати давомида Ширкат ҳисоб варағига тушган суммаларнинг йиғиндиси ва тегишли давр учун банк кўчирмалари асосида Тўлиқ шерик томонидан белгиланади.

Тўлиқ шерик билан ёзма равишда келишилган ҳолда, Устав фондига ҳисса қўшиш мол-мулк, қимматли қоғозлар, бошқа буюмлар ёки мулкий ҳуқуқлар ёки пул қийматига эга бўлган бошқа бегоналаштириладиган ҳуқуқлар билан ҳам амалга оширилиши мумкин. Ширкатнинг Устав фондига пул бўлмаган бадалнинг пул баҳоси мустақил баҳолаш ташкилотининг хулосаси асосида Тўлиқ шерик томонидан тасдиқланади.

3.2. Оммавий оферта 3.1.1–3.1.3. бандларида кўрсатилган барча ҳаракатларни бажариш бевосита қабул қилувчи шахс томонидан амалга оширилиши керак. Инвестиция суммасини Устав фондига ўтказиш Қабул қилувчи шахсга тегишли бўлган (унинг номи билан очилган) ҳисоб варақдан ёки банк тўлов картасидан ёки Ширкатнинг Устав фондини тўлдириш учун банк кассасига пул маблағларини киритиш орқали амалга оширилиши керак.

3.3. Оммавий оферта Инвестор томонидан қабул қилинган деб ҳисобланиши учун 3.1.–3.2.-бандларида кўрсатилган барча ҳаракатлар бажарилиши керак.

Битим тузилган пайт деб Оммавий офертанинг 3.1.–3.2. -бандларига мувофиқ барча ҳаракатлар якуний бажарилган пайт ҳисобланади.

Оммавий офертанинг 3.1.–3.2. - бандларида кўрсатилган ҳар қандай ҳаракатларнинг бажарилиши кечиктирилган ҳолларда Қабул қилиш улар тўлиқ бажарилган санага қадар кечиктирилади.

3.4. Оммавий офертада кўрсатилган ҳаракатларни амалга ошириш Инвестор томонидан унинг барча шартлари билан танишганлигини ва ҳеч қандай истисно ва/ёки шартларсиз қабул қилишини, шунингдек, у тақдим этган маълумотларнинг ишончли ва ҳақиқийлигини тасдиқлашини англатади.

Қабул қилиш орқали Инвестор, шунингдек, Ширкатнинг Таъсис шартномаси шартлари билан танишганлигини ва розилигини тасдиқлайди (Таъсис шартномаси билан Invest.asaxiy.uz платформасида танишиш мумкин).

3.5. Қабул қилиш йўли билан Инвестор Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 6 декабрдаги 308-II-сонли "Хўжалик ширкатлари тўғрисида" ги қонун талабларига мувофиқ Ширкатга коммандитчи сифатида қабул қилиниши ва Ширкатнинг Устав фондига ҳисса қўшиш (ёки қўшимча ҳисса қўшиш, Агар Инвестор қўшма ҳисса қўшган пайтда Ширкат иштирокчиси бўлса) тўғрисидаги аризасини оммавий офертада кўрсатилган шартларда тақдим этганлигини билдиради.

Инвестор Ширкатнинг Устав фондини Оммавий офертада кўрсатилган шартларда кўпайтириш мақсадида қўшимча ҳисса қўшишга ҳақлидир.

3.6. Invest.asaxiy.uz платформаси орқали инвесторни масофадан идентификация қилиш Тўлиқ шерик ва/ёки Ширкат томонидан ўз хоҳишига кўра, унинг таркибига янги иштирокчилар киритилганлиги муносабати билан Ширкатнинг таъсис ҳужжатларини қайта рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган маълумотларни талаб қилиб олиш орқали амалга оширилади.

3.7. Тўлиқ шерик ва / ёки Ширкат "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида" ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (2004-йил 26-августдаги 660-II-сон) талаблари амал қиладиган нобанк ташкилоти ҳисобланмайди ва ушбу Қонун ва Қоидалар (ЎзР Адлия вазирлигида 04.09.2017 йилдаги рўйхат рақами 2925-сонли) талаблари доирасида ички назоратни, мижозни лозим даражада текширишни, мижозни идентификациялашни ёки бошқа чораларни кўрмайди.

4. Шартнома предмети ва ширкатга кириш шартлари

4.1. Мазкур шартномага асосан Тўлиқ шерик Инвесторни Ширкат иштирокчилари таркибига қабул қилади, Инвестор эса Ширкатга коммандитчи сифатида киради.

4.2. Инвесторни Ширкат иштирокчилари таркибига қабул қилиш Ширкатнинг Таъсис шартномасига ўзгартиришлар киритиш ва уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

4.3. Тўлиқ шерик Устав фондига ҳиссалар киритиш натижаларини хар календар ойи охирида сарҳисоб қилади, Ширкатнинг Таъсис шартномасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилади (иштирокчилар таркибининг ўзгариши ва Устав фондининг кўпайиши билан боғлиқ) ва Инвестор қабул қилингандан 3 кундан кейин Тўлиқ шерик Ширкатнинг таъсис шартномасига ҳисса киритилганлиги билан боғлиқ ўзгартиришларни киритиб, Ширкатни қайта рўйхатдан ўтказиш чораларини кўради.

4.4. Бунда Таъсис шартномасини қайта рўйхатдан ўтказиш Invest.asaxiy.uz платформасида орқали электрон равишда тегишли харакатларни амалга ошириш ва Ширкатнинг жорий ҳисоб рақамига ўтган календар ойида тушган Устав фондига қўшилган ҳиссаларга нисбатан Ширкатнинг бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида амалга оширилади.

4.5. Инвесторнинг Ширкат иштирокчилари таркибига кирган санаси Ширкатнинг таъсис шартномасини қайта рўйхатдан ўтказиш санаси ҳисобланади. Таъсис шартномасини қайта рўйхатдан ўтказгандан сўнг, Инвестор Ширкатнинг Устав фондида улушга эга бўлади.

4.6. Ширкатнинг Таъсис шартномаси қайта рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан 10 (ўн) иш кунидан кечиктирмай Инвесторга Invest.asaxiy.uz платформаси орқали Инвесторнинг Ширкат иштирокчилари таркибига қабул қилинганлигини тасдиқловчи иштирок этиш тўғрисидаги гувоҳнома юборилади. Иштирок этиш тўғрисидаги гувоҳномада Ширкат Устав фондидаги омонат ва улуш миқдори кўрсатилади.

4.7. Инвестор томонидан олинган улуш миқдори фоиз кўринишида унинг Ширкатнинг Устав фондига қўшган ҳиссасига мутаносиб бўлади.

4.8. Ширкат ишларини бошқариш ва юритиш Тўлиқ шерик томонидан мустақил равишда амалга оширилади. Тўлиқ шерик ўз хоҳишига кўра исталган вақтда Ширкатнинг Таъсис шартномасига ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга. Инвестор Ширкат ишларини бошқариш ва юритишда иштирок этишга, унинг номидан ишончномадан бошқа йўл билан ҳаракат қилишга ҳақли эмас. "Хўжалик ширкатлари тўғрисида" ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 29-моддасига мувофиқ, Инвестор Ширкат ишларини бошқариш ва юритиш бўйича Тўлиқ шерикнинг хатти-ҳаракатлари хусусида баҳслашишга ҳақли эмас.

4.9. Ширкат ишларини бошқариш ва юритишда Тўлиқ шерик ўз хоҳишига кўра Ширкат фаолиятининг асосий йўналишларини ва уни амалга ошириш тартибини мустақил равишда белгилайди. Ширкат ўз фаолиятини амалга ошираётганда Тўлиқ шерик ва/ёки Ширкат, Ширкат иштирок этадиган товарлар (ишлар, хизматлар) лойиҳалари (бизнес - лойиҳалар ва/ёки ижтимоий лойиҳалар) нархларини, шунингдек ушбу лойиҳаларнинг рентабеллиги ва самарадорлигини мустақил равишда белгилашга ҳақлидир.

5. Ширкатнинг фойда ва зарарларини тақсимлаш шартлари, захира фонди

5.1. Ширкат фойдаси Тўлиқ шерикнинг қарори билан ҳар чоракда бир марта тақсимланади.

5.2. Жамиятнинг фойдасининг ҳар бир инвесторга тўланадиган қисми қуйидаги тартибда аниқланади:

5.2.1. Жамият фойдаси инвесторлар ўртасида ҳар бир инвестор томонидан киритилган инвестиция суммаси ва ушбу инвестициянинг фойда ҳисобланаётган даврда ширкат айланма маблағлари таркибида бўлган кунлар сони кўпайтмасининг, барча инвесторларнинг шу даврдаги вақт билан оғирлаштирилган капитали йиғиндисига нисбатан мутаносиб равишда тақсимланади.

5.2.2. Тақсимланадиган фойдада ҳар бир инвесторнинг капиталига тегишли фойда улуши қуйидаги формула асосида аниқланади 𝑰𝒊 – i-инвесторнинг инвестиция суммаси 𝑫𝒊 – i-инвестиция оборотда бўлган кунлар сони 𝑷 – тақсимланадиган жами фойда

1-босқич: Муайян инвесторнинг вақт билан оғирлаштирилган капитали аниқланади:

𝑻𝑾𝒊 = 𝑰𝒊 × 𝑫𝒊

2-босқич: Ширкатнинг вақт билан оғирлаштирилган жами капитали аниқланади:

𝑻𝑾𝒕𝒐𝒕𝒂𝒍 = ∑(𝑰𝒊 × 𝑫𝒊 )

3-босқич: Инвесторнинг капиталига тегишли фойда аниқланади:

𝑰𝒊 × 𝑫𝒊 𝑷𝒓𝒐𝒇𝒊𝒕𝒊 = 𝑷 × ∑(𝑰𝒊 × 𝑫𝑰 )

Амалий мисол:

• Инвестор A: 100 млн × 300 кун = 30 млрд

• Investor B: 50 млн × 200 кун = 10 млрд

• Жами = 40 млрд

• Фойда = 400 млн

• A фойдаси = 400 × 30 / 40 = 300 млн

• B фойдаси = 400 × 10 / 40 = 100 млн

5.2.3. Инвесторнинг капиталига нисбатан хисоблаб чиқарилган фойда аниқлангандан сўнг ушбу фойдадан Тўлиқ шерикнинг келишилган нисбатдаги хиссаси айириб қолингандан кейин қолган қисми Инвесторга тўланадиган фойда хисобланади.

5.2.4. Ҳисобланган суммадан Инвесторнинг Инвестиция бўйича шериклик бўйича белгиланган улуши унинг фойда ҳисобланаётган давр учун Инвесторнинг узига тегишли фойдаси деб ҳисобланади.

5.3. Инвестициялар бўйича шериклик улуши Инвестор 60%, Тўлиқ Шерик 40% белгиланган. (Томонлар ўртасида Ҳисса киритиш тўғрисида келишув орқали бу улуш ўзгартирилиши мумкин). Ширкатнинг Инвесторлари ўртасида тақсимлаш учун мўлжалланган фойдаси (дивидендлар) Ширкатнинг Устав фондини кўпайтиришга йўналтирилиши (фойда қайта инвестиция қилиниши) мумкин.

Бунда Ширкатда Коммандитчи сифатида иштирок этаётган Инвестор Ширкат фойдасининг ўзига тегишли қисмини қуйидагича тасарруф қилиши мумкин:

- унга тегишли фойдани (ёки унинг бир қисмини) Ширкатнинг устав фондини кўпайтиришга (ўз қўшимча ҳиссаси сифатида) йўналтириш, ёки

- унга тегишли фойдани (ёки унинг бир қисмини) дивиденд шаклида олиш;

Бунинг учун Инвестор тегишли аризани Ширкатга фойда тақсимланиб, Invest.asaxiy.uz платформаси орқали эълон қилинган календар ойининг охирги кунигача топшириши керак.

Агар ариза берилмаган бўлса, Инвесторга тегишли фойда (дивидендлар) Ширкатнинг устав фондини кўпайтиришга йўналтирилади (Инвесторнинг қўшимча ҳиссаси сифатида).

Фойда Ширкатнинг устав фондини кўпайтиришга йўналтирилганда Ширкат иштирокчиларининг улушлари ҳажми ўзгартирилади.

Фойда олиш ва/ёки уни Ширкатнинг устав фондини кўпайтиришга йўналтириш солиқ суммалари қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ушлаб қолингандан кейин амалга оширилади.

Инвестор дивиденд шаклида унга тегишли фойда олганда, дивидендларни тўлаш Ширкат томонидан Инвесторнинг аризасида кўрсатилган банк картасига ёки Инвесторга тегишли (унинг номига очилган) ҳисоб рақамига пул маблағларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

5.4. Ширкатнинг устав фонди кўпайтирилиши муносабати билан Ширкатнинг таъсис шартномасини қайта рўйхатдан ўтказгандан сўнг Инвесторга Ширкатнинг устав фондидаги бадал ва улушнинг ўзгарган миқдори кўрсатилган ҳолда иштирок этиш тўғрисидаги янгиланган гувоҳнома юборилади.

5.5. Ширкатнинг зарарлари унинг иштирокчилари ўртасида Ширкатнинг устав фондидаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.

Инвестор зарар таваккалчилигини фақат амалга оширилган инвестициялар доирасида (Ширкатнинг устав фондига киритилган омонатлар миқдори доирасида) ўз зиммасига олади.

5.6. Ширкатда қарз мажбуриятларини ва бошқа молиявий хатарлар (рисклар), харидорлар савдо бўйича тўловни амалга оширмаслик ҳолатлари ва кутилмаган операцион харажатлар юзага келганда, банкротлик хатарлари ва зарарларни қоплаш учун мўлжалланган захира фонди ташкил этилган. Ширкатнинг захира фонди капиталнинг 15 фоизигача ташкил этади. Масалан, агар захира фонди миқдори капиталнинг 10 фоизини ташкил этса, шу билан бирга Ширкат кўрган зарарлар ҳам 10 фоизга тенг бўлса, бу ҳолда Инвестор зарарлардан 100 фоиз суғурталанган бўлади. Яъни, захира фонди форс-мажор ҳолатлари ва бизнес хавфлари юзага келган пайтда инвесторларнинг Ширкат зараридаги жавобгарлигини муайян миқдорда суғурталаш вазифасини бажаради.

Захира фонди харидорларнинг тўланмаслик хавфи, форс-мажор ҳолатлари ва бизнес хатарлари (рисклари) юзага келган даврда инвесторларнинг хавфсизлиги ва суғурта захираси вазифасини бажаради.

5.6.1. Захира фонди Ширкатнинг бутун фаолияти давомида Инвесторнинг ҳар чораклик соф фойдасидан 7 фоизгача ажратмалар орқали шакллантирилади. Захира фондининг умумий ҳажми Ширкат бошқарув органи томонидан белгиланади.

Захира фонди ҳажми ва Захира фондига Ширкатнинг соф фойдасидан ажратмалар миқдори Тўлиқ шерикнинг хоҳишига кўра хар чоракда фойда тақсимланишидан олдин белгиланади.

Белгиланган ҳажмдаги Захира фонди Тўлиқ шакллантирилганда, Захира фондига ажратмалар тўхтатилади.

5.6.2. Захира фонди маблағларини шакллантириш ва кўчириш молиявий модел ва стратегик режалаштиришга мувофиқ амалга оширилади.

Захира фонди AAOIFI халқаро бухгалтерия ҳисоби қоидаларига мувофиқ қўллаб - қувватланади (AAOIFI - Ислом молия компанияларининг бухгалтерия ҳисоби ва аудит стандартларини жорий этиш ва амалга оширишнинг халқаро ташкилоти).

5.6.3. Ширкат савдо билан боғлиқ зарар кўрган тақдирда, улар Исломий такафул тамойилларига мувофиқ захира ҳисобварағида мавжуд бўлган Захира фонди қолдиғидан қопланади.

5.6.4. Захира фондининг ҳолати ҳар чорак молиявий ҳисоботида алоҳида сатрда акс эттирилади ва Инвесторларга Invest.asaxiy.uz платформаси орқали очиқ тарзда маълум қилинади. Захира фондидан фойдаланиш фақат Тўлиқ шерикнинг асослантирилган ёзма қарори асосида амалга оширилади; ҳар бир бундай ҳолат Инвесторларга 5 (беш) иш куни ичида хабар қилинади.

5.6.5. Ширкат савдо фаолияти натижасида зарар юзага келган тақдирда у, биринчи навбатда, захира фондидан қопланади. Агар захира фонди маблағлари зарарни тўлиқ қоплашга кифоя қилмаса, қолган қисм инвесторлар ўртасида устав фондидаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланади. Инвестор зарар хатарлари (рисклари) фақат ўзи киритган ҳисса доирасида кўтаради. Тўлиқ шерикнинг бепарволиги, ўз ваколатларини суистеъмол қилиши ва ушбу шартнома/оферта шартларини ҳамда жорий қонунчилик тартибларини бузиши натижасида юзага келган зарарлар Тўлиқ шерик зиммасида бўлади.

5.6.6. Захира фонди маблағлари фақат ушбу бўлимда кўрсатилган мақсадлар учун ишлатилади. Мазкур маблағларни операцион харажатлар, инвестиция ёки бошқа мақсадларга йўналтириш тақиқланади.

6. Ширкатдан чиқиш шартлари

6.1. Инвестор ҳисса киритган санадан бошлаб камида 6 (олти) ой ўтгандан сўнг Ширкатдан чиқиш ҳуқуқига эга. Ширкатдан чиқиш истагини Инвестор Invest.asaxiy.uz платформаси орқали камида 30 (ўттиз) календар кун олдин хабар қилиши шарт.

6.2. Тўлиқ шерик Инвесторнинг аризаси олинган кундан бошлаб 10 (ўн) иш куни ичида Инвесторни давлат органларида Ширкат иштирокчилари таркибидан расман чиқариш ва Ширкатнинг таъсис шартномасини қайта рўйхатдан ўтказиш чораларини кўради. Инвесторнинг Ширкатдан чиқиш санаси Ширкатнинг таъсис шартномаси қайта рўйхатдан ўтказилган сана ҳисобланади.

6.3. Инвесторга тўланадиган сумма унинг чиқиш санасидаги устав фондидаги номинал ҳиссасига тенг бўлади. Чиқиш санасига қадар тақсимланмаган фойданинг Тўлов солиқ суммалари қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ушлаб қолингандан кейин амалга оширилади.

6.4. Тўлов муддати Инвесторга тегишли сумма чиқиш санасидан бошлаб қуйидаги муддатларда тўланади:

• 50 000 000 (эллик миллион) сўмгача — 30 (ўттиз) календар кун ичида;

• 50 000 000 (эллик миллион) сўмдан 200 000 000 (икки юз миллион) сўмгача — 45 (қирқ беш) календар кун ичида;

• 200 000 000 (икки юз миллион) сўмдан ортиқ — 60 (олтмиш) календар кун ичида.

Юқорида кўрсатилган муддатлар қуйидаги истисно ҳолларда 90 (тўқсон) календар кунига узайтирилиши мумкин:

• Ширкатнинг ликвидлик коэффициенти белгиланган минимал даражадан пасайган бўлса;

• форс-мажор ҳолати ваколатли орган томонидан расман тасдиқланган бўлса.

Муддат узайтирилган тақдирда Тўлиқ шерик Инвесторга 3 (уч) иш куни ичида ёзма асоснома юборади ва узайтиришнинг аниқ муддатини кўрсатади. Белгиланган муддатда тўлов амалга оширилмаган тақдирда Инвестор Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ ҳуқуқий ҳимоя чораларини кўришга ҳақли.

6.5. Инвесторга тегишли сумма Ширкат томонидан Инвесторнинг аризасида кўрсатилган банк картасига ёки Инвесторга тегишли ҳисоб рақамига пул маблағларини ўтказиш орқали тўланади.

6.6. Инвестор Ширкатдан тўлиқ чиқмаган ҳолда устав фондидаги ҳиссасининг бир қисмини олишга ҳақли. Бунда қолдирилаётган ҳисса миқдори Тўлиқ шерик томонидан белгиланган минимал ҳисса миқдоридан кам бўлмаслиги шарт. Қисман олишга ушбу бўлимнинг 6.1 — 6.5-бандларида белгиланган тартиб ва муддатлар қўлланилади.

6.7. Инвестор ўз улушини Тўлиқ шерикнинг олдиндан берилган ёзма розилиги билан учинчи шахсга ўтказишга ҳақли. Ширкатнинг мавжуд инвесторлари ҳиссани сотиб олишда устунлик ҳуқуқига эга; улар ушбу ҳуқуқдан 10 (ўн) иш куни ичида фойдаланмаса, ҳисса учинчи шахсга ўтказилиши мумкин.

Ҳиссани ўтказиш Ширкатнинг таъсис шартномасига тегишли ўзгартиришлар киритиш ва уни қайта рўйхатдан ўтказиш орқали расмийлаштирилади.

6.8. Инвестор қуйидаги ҳолларда Тўлиқ шерик қарори билан Ширкатдан мажбурий чиқарилиши мумкин:

• ушбу Оммавий оферта ёки Таъсис шартномаси шартларини қўпол равишда бузган тақдирда;

• ширкат тўғрисида атайлаб нотўғри маълумот тарқатган тақдирда;

• суд ҳукми ёки қонун ҳужжатлари талаблари асосида.

Мажбурий чиқариш тартибида ҳам Инвесторга ушбу бўлимнинг 6.3 ва 6.4-бандларида белгиланган тартибда тўлов амалга оширилади.

7. Битим бўйича томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

7.1. Инвестор қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- Оммавий офертада кўрсатилган шартлар асосида Ширкатга кириш ва ундан чиқиш;

- Ширкат фойдасининг бир қисмини Таъсис шартномасида ва Оммавий офертада назарда тутилган тартибда олиш;

- қонун ҳужжатларида ва Ширкатнинг Таъсис шартномасида белгиланган тартибда Ширкат фаолияти тўғрисида Invest.asaxiy.uz платформаси орқали ахборот олиш ва бошқа ҳужжатлари билан танишиш;

- ҳиссани тўлиқ қўшгандан ва қайта рўйхатдан ўтказилгандан сўнг, Ширкатда иштирок этиш тўғрисидаги гувоҳномани олиш.

7.2. Инвестор қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

- Қабул қилишдан олдин ушбу Оммавий оферта ва Ширкатнинг Таъсис шартномаси шартлари билан танишиб чиқиш;

- Оммавий оферта шартларининг тўлиқ бажарилишини таъминлаш;

- Ширкат фаолияти тўғрисидаги махфий маълумотларни ошкор қилмаслик;

- Ўзининг шахсий рўйхатга олиш маълумотлари, шу жумладан: хизмат кўрсатиш банки (банк тўлов картаси), асосий мобил рақами, яшаш манзилининг ўзгарган тақдирда бу ҳақда 3 кундан кечиктирмай Тўлиқ шерикни ва/ёки Ширкатни invest.asaxiy.uz платформаси орқали хабардор қилиши ва маълумтларни тўлиқ тақдим этиши шарт.

7.3. Тўлиқ шерик қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- Ширкат ишларини Таъсис шартномасида назарда тутилган тартибда мустақил равишда олиб бориш ва бошқариш;

- Ширкат фойдасини Таъсис шартномасида назарда тутилган тартибда мустақил равишда тақсимлаш;

- Ўз хоҳишига кўра, Таъсис шартномаси ва Оммавий оферта шартларига ўзгартиришлар киритиш. Киритилган ўзгартиришлар жорий инвесторларга янги инвестиция муддати учун амал қилади.

7.4. Тўлиқ шерик қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

- Битим шартларининг тўлиқ бажарилишини таъминлаш;

- Инвесторни Ширкат иштирокчилари таркибига Оммавий офертада кўрсатилган шартлар асосида қабул қилиш;

- Ҳисса қўшиш натижаларини сарҳисоб қилиш, иштирокчилар таркибини ўзгартириш ва Ширкатнинг устав фондини кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳамда Ширкатнинг Таъсис шартномасини қайта рўйхатдан ўтказишни таъминлаш;

- Инвестор тўғрисидаги махфий маълумотларни ошкор қилмаслик, Битим шартларини бажариш ёки қонун талабларига мувофиқ зарур бўлган ҳоллар бундан мустасно;

- Ширкат ишларини сифатли ва виждонан бошқариш;

- Invest.asaxiy.uz платформасини ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш;

- Инвестиция портфелини бошқариш, даромадларни тақсимлаш тизими ва Invest.asaxiy.uz платформасига киришни таъминлаш.

8. Махфийлик ва шахсий маълумотлар

8.1. Шахс томонидан Битимни тузиш учун зарур бўлган шахсий маълумотлар ва бошқа маълумотларни тақдим этиш ихтиёрийдир.

8.2. Ахборотни тақдим этиш шахснинг ушбу Оммавий оферта ва унда кўрсатилган маълумотларни қайта ишлаш шартларига сўзсиз розилигини англатади. Ушбу шартларга рози бўлмаган тақдирда, шахс маълумот беришдан ва Битим тузишдан бош тортиши керак.

8.3. Томонлар битимни амалга ошириш натижасида олинган ҳар қандай маълумот махфий эканлигини тасдиқлайдилар ва ундан фақат Битим мақсадларида фойдаланишни таъминлаш мажбуриятини оладилар.

8.4. Томонлар бошқа томоннинг ёзма розилигини олмасдан учинчи шахсларга махфий маълумотларни ошкор қилмаслик мажбуриятини оладилар, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

8.5. Олинган маълумотлар Битимни тузиш ёки бажариш учун Тўлиқ шерик ва/ёки Ширкат томонидан ишлатилади.

Тўлиқ шерик ва/ёки Ширкат Ширкатнинг Таъсис шартномасини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказишда, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда олинган ахборотни узатиш ҳуқуқига эга.

Инвестор ҳақида маълумотлар Invest.asaxiy.uz платформасида фақат Инвесторнинг олдиндан берилган розилиги асосида эълон қилиниши мумкин. Инвесторнинг розилиги билан қуйидаги маълумотлар очиқланишига йўл қўйилади:

● инвесторнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

● инвесторнинг фотосурати ва туғилган санаси;

● яшаш ёки келиб чиқиш жойи (ҳудуди);

● фаолият тури (нима иш қилиши);

● инвестиция миқдори ва ундан олинган фойда;

● инвестиция киритишдан кўзланган мақсад;

● шунингдек, Тарафлар ўртасида ўзаро келишилган бошқа маълумотлар.

8.6. Тўлиқ шерик ва/ёки Ширкат шахс Invest.asaxiy.uz платформасида, шу жумладан маълумот матнларида мавжуд бўлган ҳаволалар орқали ўтиши мумкин бўлган учинчи томон сайтларини назорат қилмайди ёки улар учун жавобгар бўлмайди. Бундай сайтларда шахсдан шахсий маълумотлар ва бошқа маълумотлар тўпланиши ёки сўралиши мумкин.

8.7. Тўлиқ шерик ва / ёки Ширкат шахс томонидан тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилигини текшириш ва Битим тузмоқчи бўлган шахснинг ҳуқуқий лаёқатини назорат қилиш мажбуриятини олмайди. Бироқ, Тўлиқ шерик ва / ёки Ширкат, шахс ишончли, тегишли ва етарли маълумот беришига ишончдан келиб чиқади.

8.8. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 июлдаги ЎРҚ-547-сонли "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида" ги қонунига мувофиқ шахсий маълумотлар субъекти сифатида иштирок этаётган Инвестор ўзига Оммавий офертанинг шахсий маълумотлари тўғрисидаги бўлимнинг барча қоидалари тўлиқ ҳажмда ўрганилганини ва тўлиқ тушунганини тасдиқлайди.

8.9. “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида” ги қонунга мувофиқ, Инвестор Тўлиқ шерикка, Ширкатга шахсий маълумотларини қайта ишлашга ва шахсий маълумотларга нисбатан ҳар қандай қонуний ҳаракатларни, шу жумладан: тўплаш, олиш, тизимлаштириш, сақлаш, тўплаш, Ўзгартириш, такомиллаштириш (янгилаш), тўлдириш, фойдаланиш, таҳлил қилиш, шахсий маълумотларни бирлаштириш, тақдим этиш, тарқатиш, узатиш, шахсийлаштириш ва йўқ қилиш, шунингдек амалдаги Қонунчилик доирасида Инвесторнинг шахсий маълумотлари билан бошқа ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириш амалга оширишга розилик билдиради.

8.10. Шахсий маълумотларни қайта ишлаш турли хил алоқа воситалари, шу жумладан Интернет тармоғи орқали, маълумотлар базасини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимлари, шунингдек бошқа дастурий воситалар ёрдамида, (бундай тизимлар билан ишлаш оператор томонидан белгиланган алгоритмга мувофиқ амалга оширилади) ёки автоматлаштириш воситаларидан фойдаланган ҳолда ёки улардан фойдаланмасдан бошқа ҳар қандай ишлов бериш ёрдамида амалга оширилиши мумкин.

8.11. Шахсий маълумотлар деганда Инвесторга бевосита ёки билвосита тегишли бўлган ҳар қандай маълумотлар, шу жумладан: фамилияси, исми, отасининг исми, йили, ойи, туғилган санаси ва жойи, яшаш манзили, почта манзили, шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг рақами ва серияси, шахснинг шахсий идентификация рақами, таълим ва мутахассислик тўғрисидаги маълумотлар, иш фаолияти, Харидорнинг банк карталари тўғрисидаги маълумотлар, уй, ишчи, мобил телефонлар, электрон почта манзили, Инвесторнинг даромад манбалари ва мол-мулки, скоринг тўғрисидаги маълумотлар; Инвесторнинг кредит мажбуриятлари, шу жумладан аввалги мажбуриятлари, солиқлар ва кредитлар бўйича қарзлар тўғрисидаги маълумотлар; очиқ манбаларда мавжуд ҳар қандай маълумотлар, шунингдек қайта ишлаш мақсадларига эришиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар тушунилади.

8.12. Шахсий маълумотларни қайта ишлашнинг мақсадлари – бу Инвестор билан битимларни тузиш ва амалга оширишга қаратилган ҳаракатлар, шу жумладан, лекин улар билан чекланмаган ҳолда Инвесторни ва у тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш, шунингдек Оммавий офертада кўрсатилган ёки унинг шартлари асосида юзага келиши мумкин бўлган бошқа мақсадлар ва ҳаракатлар.

8.13. Юқоридаги мақсадларга эришиш учун Инвесторнинг шахсий маълумотлари Инвесторнинг ўзидан ҳам, учинчи шахслардан (сотувчининг контрагентлари ва шерикларидан, шунингдек Инвестор билан шартномавий муносабатларга эга бўлган шахслардан, шу жумладан Инвесторга хизмат кўрсатиладиган уяли алоқа оператори ва тўлов тизимларидан ва ҳоказолардан) ҳам олиниши, шунингдек учинчи шахсларга (уларнинг ходимларига ва улар ваколат берган бошқа шахсларга), шу жумладан учинчи шахслар юқорида кўрсатиб ўтилган мақсадлар учун хизматлар кўрсатишга жалб этилганда тақдим этилиши мумкин.

8.14. Шунингдек, Инвестор Ширкатга қуйидаги ҳаракатларни амалга оширишга розилик берганлигини тасдиқлайди: тақдим этилган маълумотларни аниқлаштириш учун почта, электрон почта, СМС-хабарларни юбориш, Invest.asaxiy.uz платформаси ва бошқа мумкин бўлган усуллар (Инвестор томонидан тақдим этилган почта манзиллари, электрон почта манзиллари, телефон рақамлари ва бошқалар) орқали қўнғироқ қилиш ва ахборот хабарларини юбориш, Битим тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ёки тугатиш билан боғлиқ хабарномаларни юбориш, Ширкат, Ширкат фаолиятида иштирок этувчи савдо платформалари (маркетплейс, электрон савдо майдончаси), сотиладиган товарлар (ишлар, хизматлар), реклама характеридаги хабарлар, шунингдек бошқа билдиришномалар, хабарлар ва хатлар фаолияти билан боғлиқ янгиликларни ўз ичига олган хабарларни юбориш. Бундай ҳолда, Ширкат ўз хоҳишига кўра хабарлар ва билдиришномаларни юборишнинг санаб ўтилган усулларидан бирини танлаш ёки улардан фойдаланмаслик ҳуқуқига эга.

8.15. Инвестор ўзининг шахсий маълумотлари, уларни қайта ишлаш ва улардан фойдаланиш тўғрисида тўлиқ маълумот сўрашга, шунингдек тегишли ёзма сўровни почта манзилига, электрон почта орқали ёки Invest.asaxiy.uz платформаси орқали Ширкатга юбориш орқали нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган шахсий маълумотларни истисно қилиш ёки тузатиш/тўлдиришни талаб қилишга ҳақлидир.

8.16. Инвестор томонидан унинг шахсий маълумотларини қайта ишлашга берилган розилик шахсий маълумотларни қайта ишлаш мақсадларига эришиш учун зарур бўлган муддатга берилади ва Инвесторга почта манзилига ёки электрон ҳужжат шаклида ёзма ариза юбориш орқали қайтариб олиниши мумкин.

9. Томонларнинг жавобгарлиги ва низоларни ҳал қилиш тартиби

9.1. Оммавий оферта шартлари ва/ёки Битимнинг бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун томонлар Оммавий оферта шартлари ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ жавобгар бўлади.

9.2. Битим бўйича мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган томон Оммавий оферта шартларига ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ бундай бажармаганлик оқибатида етказилган ҳақиқий зарарни бошқа томонга қоплаши шарт.

9.3. Тўлиқ шерик ва/ёки Ширкат, агар зарар Тўлиқ шерикнинг қасддан қилган айби ёки қўпол эҳтиётсизлиги (мажбуриятларига лозим даражада риоя қилмаслиги) натижасида юзага келмаган бўлса, Инвесторнинг бой берилган фойдаси ёки билвосита зарарлари учун жавобгар бўлмайди.

9.4. Тўлиқ шерик ва/ёки Ширкат Инвестор ёки бошқа шахснинг қуйидагилардан келиб чиқадиган зарарлари учун жавобгар эмас:

- Қабул қилиш учун зарур бўлган ҳаракатларни амалга оширишда фойдаланиладиган реквизитларни Инвестор томонидан нотўғри тўлдириш, шунингдек тўловларни амалга оширишнинг белгиланган тартибини бузиш;

- Оммавий оферта шартларининг бузилиши;

- учинчи шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, шунингдек, Инвесторнинг ўз айби ёки эҳтиётсизлиги туфайли идентификация маълумотларининг учинчи шахслар ихтиёрига ўтиб кетиши ёки улардан учинчи шахсларнинг ноқонуний фойдаланиши.

9.5. Тарафлар ўртасида келиб чиққан барча низолар музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал қилинади.

9.6. Низони музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал этиш имкони бўлмаган тақдирда, бир Тараф иккинчи Тарафга буюртма хат орқали ёзма равишда талабнома юбориши шарт. Талабномани кўриб чиқиш ва унга жавоб бериш муддати у олинган кундан бошлаб 10 (ўн) кунни ташкил этади. Талабнома юборилган санадан эътиборан 15 (ўн беш) кун ичида унга жавоб олинмаслиги талабнома билдирган Тарафга низони суд тартибида ҳал этиш ҳуқуқини беради.

9.7. Барча низолар ва келишмовчиликлар, шунингдек, амалдаги шартноманинг ҳақиқийлиги ва ҳақиқий эмаслиги, шартномани бекор қилиш, ўзгартириш, амалдаги шартнома бўйича қарздорликни, зарарни, неустойкани ундириш, шартномани тузиш мажбуриятини юклаш, шартнома бўйича жавобгар ва уни мулкини мажбурий тартибда чиқариш, четлатиш, негатор даъволар ва бошқа низолар “PHILOSOPHY OF JUSTICE” НТМ ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи халқаро арбитраж судида (www.icca.uz) Суд регламентига ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ кўриб чиқилади.

10. Форс-мажор ҳолатлари

10.1. Томонлар ушбу шартнома бўйича мажбуриятларни қисман ёки тўлиқ бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун, агар бундай лозим даражада бажармаслик ушбу шартнома тузилгандан кейин Томон олдиндан кўра олиши ва оқилона чоралар билан олдини олиши мумкин бўлмаган енгиб бўлмас кучлар таъсири остида юзага келган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади.

10.2. Мажбуриятларни бажаришнинг иложи йўқлиги юзага келган Томон бошқа Томонга юқорида кўрсатилган ҳолатларнинг бошланиши ва тугатилиши тўғрисида 10 (ўн) иш кундан кечиктирмай хабар беришга мажбурдир. Бундай ҳолда, Томонлар қисқа вақт ичида бир-бирлари билан маслаҳатлашишлари ва қабул қилиниши керак бўлган чоралар тўғрисида келишиб олишлари керак. Форс-мажор ҳолати юз берганлиги ваколатли орган (Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси) томонидан бериладиган сертификат билан тасдиқланади.

10.3. Фавқулодда ҳолатларининг бошланиши тўғрисида хабар бермаслик ёки ўз вақтида хабар бермаслик, Томонни ушбу ҳолатларнинг ҳар қандайига, мажбуриятларнинг ўз вақтида бажарилмаганлиги учун жавобгарликдан озод қиладиган асос сифатида мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилади.

10.4. Тўлиқ шерик, агар фавқулодда ҳолатлар юзага келса, Битим бўйича мажбуриятларни бажармаслик ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

11. Бошқа шартлар

11.1. Ушбу Оммавий оферта ва/ёки Инвесторларнинг шерикликдаги иштироки билан боғлиқ ўзгартиришлар, қўшимчалар, хатлар, билдиришномалар ва ҳужжатлар Invest.asaxiy.uz платформаси орқали маълум қилинади.

Агар қонун ҳужжатларида ёки Томонларнинг келишувида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Томонларнинг ихтиёрларининг мазмунини ифода этувчи хатлар, сканерланган нусхалар ёки бошқалар, шу жумладан электрон тарзда имзоланган ҳужжатлар ёзма равишда битим тузишга тенглаштирилади.

11.2. Оммавий офертада назарда тутилмаган бошқа барча муносабатлар Таъсис шартномаси ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги билан тартибга солинади.

11.3. Оммавий офертанинг бирон бир қоидаси ёки қоидалари ҳақиқий эмас деб топилганда, Оммавий офертанинг бошқа қоидалари амал қилишни давом эттиради ва Оммавий оферта ўзи ўз кучини сақлаб қолади.

11.4. Томонларнинг ҳеч бири бошқа Томоннинг ёзма розилигисиз битим бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини учинчи томонга топширишга ҳақли эмас.

11.5. Мазкур Оммавий оферта 14 (ўн тўрт) саҳифадан иборат бўлиб, Ширкатнинг муҳри билан 01.04.2026 йилда имзоланди.

“ASAXIY MAXTEACH IT VA KOMPANIYA”

коммандит ширкати директори: Д. А. Тўлаганов